Картошкага помидорни пайванд қилса бўладими?

     Олчага  гилосни  пайванд  қилинганини  кўрганман.  Ёки  толга шафтолини  уласа, данаксиз мева олиш мумкин, деган гапни ҳам эшитганман. Қовоққа бодрингни пайвандлаш тажрибаси ижобий натижа берганидан  ҳам  хабарим бор. Чўл  шароитида  тарвузни янтоққа  пайвандлаб,  сув  тақчиллигининг олди олиниши  ҳам рост. Лекин картошкага  помидорни  пайванд қилиш  анча  мураккаб,   ўта  нозик  ва шу билан бирга  ниҳоятда  оғир  иш. Бу жараён шифокор    жонлантириш  бўлимида  жарроҳлик  амалиётини  ўтаётган  ҳолатни  эслатади.  Чунки,  пайвандчининг  ҳам    махсус  пичоғи, тахтакачи  бор. Озгина эътиборсизлик  қилса, тамом,  мурғак  ниҳол  нобуд  бўлади. Аммо, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик  илмий тадқиқот институти олимлари  буни уддасидан чиқишди.  Аграр  соҳа  фидойиларининг изланишлари зое кетмади. Тинимсиз меҳнат  ўз самарасини берди. Бу  хабарни эшитган  кишилардан кимдир ҳайратланса,  яна  кимдир  ер  остида  картошка, тепа қисмида помидор пишиб ётганини кўз олдига келтиришга уринади.

Янгиликни ёритишни кўнглимга тугиб,  мазкур институтга  бордим. Мени қизиқтирган илмий тадқиқот билан  институтнинг  селекционер олими, қишлоқ  хўжалиги  фанлари  номзоди  Лян  Екатерина Евгеневна шуғулланаётган  экан.  Ҳамкасблари  бири қўйиб, бири  уни  мақтаб  кетишди.  Уларнинг айтишича, Лян  Екатерина  томонидан  ўзига хос янги кўринишга эга, янгилигича истеъмол қилишга мос,  бозоргир,  экспортбоп, серҳосил помидорнинг “Витаминка коктейльная” нави ихтиро қилинибди. Ушбу нав  ўрта-эртапишар  ҳисобланади. Мева шакли чўзинчоқ,  ранги  тўқ сарғиш. Янги навнинг ўсув даври, ҳосилдорлиги,  мева таркибидаги моддалар  кўрсатгичлари  қайд этилиб, Давлат нав синовига топширилибди.  Лян  Екатерина  билан  учрашиб,  мақсадимни  айтдим. У тадқиқот ўтказишга  ёш илмий ходим  Акмал  Борасулов  ҳам жалб қилинганини тилга олди.  Сўнгра  батафсилроқ маълумот олиш учун  тажриба ўтказилаётган иссиқхонага  боришни таклиф қилди. Йўл-йўлакай илмий  тадқиқот институтида ҳозир илмий-техник кадрлар таркиби 129 нафар эканини ҳам билиб олдим.

Давлат илмий-техник дастури асосида амалга оширилаётган  лойиҳаларда эса 34 нафар илмий ходимлар, шу жумладан,  тўртта  фан  доктори, 11  нафар фан номзоди   илмий изланишлар билан банд. Тажриба  даласига боргач,  олимларнинг  ишларини  кўриб, коронавирус  ваҳимаси  илмий тадқиқот институтидан ташқарида экан, деган ҳаёлга бордим. Чунки, сабзавот, полиз, картошка экинларини янги нав ва дурагайларини  яратиш, уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш, етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, маҳсулот сифатини  яхшилаш, касаллик  ва зараркунандаларга  қарши  курашиш  борасида  кўп  қиррали  илмий изланишлар  амалга оширилаётганини  гувоҳи  бўлдим. Мўъжазгина иссиқхона ичига кирсангиз пишиб турган қовун – тарвузлар-у, бодринг, қовоқча , барра баргли пиёз, редиска, сабзи, шиғил ҳосил солиб улгурган тўқ сарғиш, пушти, қизил рангдаги  помидорлар  диққатингизни тортади. Сабзавот экинларининг серҳосиллигидан  хайратланасиз. Иссиқхонадаги помидорлар  томорқаларда экилганидан тубдан фарқ қилади.  Авваллари экиб келинган хажми катта, гўштдор помидорлар қаторига энди  майда-майда, турли рангли помидорлар  ҳам қўшилибди.

 -Мана бу қатордаги помидорлар  гибрид- дейди   селекционер олима.  Биз унинг  уруғини  оламиз.  Нариги томондаги  40 грамдан 60 грамгача бўлган помидорлар коктейл  дейилади. Майда, 20 грамгача  помидорлар  “Черри”   ресторанлар учун. Самолёт ёки кемада кетаётган йўловчига иккитадан  берилса, катта хажмдаги  помидорни кесишга хожат қолмайди. 

   У кўрсатган томондаги  Черри навли помидор новдалари тепага  сим тортилиб, боғлаб қўйилибди.   Тагида  картошка  ўсиб чиқаяпти.

  -Қачон экилган эди?

-Март ойи охири апрель бошида.  Юқори ҳосил олиш кутилмоқда. Ўтган  йили  Санта навли бир туп картошкадан 1.5 килограм, ҳар туп  помидордан   4 килограмгача  ҳосил  олдик.

   -Бундай янгилик кўпчиликни қизиқтиради,  кейинги йил ҳам  тажрибани давом  эттириб, натижасини олгач, томорқа эгаларига тавсия қилса бўладими?

-Ҳозир ҳам тавсия қила оламиз. Нафақат иссиқхонада очиқ майдонда  ҳам  етиштириш  мумкин. Лекин ҳимояланган бўлиши керак. Дала ҳовлиларга ҳам экса бўлади. 

-Янгиликка ўч одамлар уни уруғини ёки кўчатини қаердан топади?

-Бизда бор. Кейин фақат черрига  эмас, бошқа навларга ҳам  пайванд қилса бўлади. Картошка ҳам помидор ҳам итузумдошлар оиласига киради. Агротехникасида фарқ йўқ. Илгари қандай  етиштирилган бўлса, худди шундай парваришланаверади.

-Помидорни ҳам картошкани ҳам  бир хил муддатда пишадиган навини танлаб олганмиз, -дея суҳбатга қўшилди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг ёш илмий ходими Акмал Борасулов.  — Экинлардан юқори ҳосил олиш, қимматли селекцион нав намуналарини кўпайтиришни тезлаштириш учун  пайвандлаш усули  агротехник тадбир сифатида қўлланиб келинади. Масалан, баъзи юртдошларимиз ўсимликни танасини қия қилиб кесиб пайванд қилади. Ёки “устма-уст улаш” усули қўлланади. Кўпчилик фойдаланадигани искана пайванд. Айниқса,  ёнма-ён қилиб пояларни  ярмигача  кесиб  пайвандлаш  усуллари кўпроқ урф бўлган. Биз помидор  кўчатини  илдиз остидан 5 сантиметр юқорилигида  искана пайванд қилганмиз. Пайвандлаш натижасида ўсимликларнинг айрим белгилари бошқа ўсимликка ўтади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ўсимликлар организмининг янги шакли пайдо бўлади. Бунда пайвандтаг сифатида  фойдаланиладиган  нав кучли илдиз тизимига эгалиги билан ажралиб туради. Натижада, ўсимликнинг ноқулай шароитларга, касалликларга бўлган чидамлилиги ортади ва сув ҳамда озиқа моддалари билан таъминланиши яхшиланади. Ҳосилдорлик ҳам кўнгилдагидек  бўлади.

 -Бу янгиликни  такрорий  экин майдонларида ҳам тадбиқ этса  бўладими?

-Пайвандлаш март  ойида олиб борилса, июлга келиб,  ҳосил йиғиштирилгач, такрорий экиш ҳам мумкин. 

-Айтингчи, картошкага помидорни пайвандлаш усули  республикамизнинг  бошқа вилоятларида ҳам синовдан ўтказилдими?

-Тошкент вилояти Занги ота туманидаги тажриба даламизда  тадқиқот олиб бораяпмиз. Келгусида институтимизнинг вилоятлардаги илмий тажриба станцияларида синовдан ўтказиб, ишлаб чиқаришга тавсия қилиш ниятимиз бор. Айтиш мумкинки, қайси вилоятда картошкачилик ривожланган бўлса,  ўша ерда  бу янгилик қўлланса, ҳосил юқори бўлиб бораверади. Мана бу  кичкина помидорлар асосан тузламалар учун, консерва қилиб ёпишга. Дастурхонга ҳам шундоқ тортилса бўлади. Кесиб қўйиш шарт эмас. Яна бир эътиборли жиҳати, маҳсулот табиий, экологик тоза, сунъийлик йўқ. Помидорлар  ресторан, ошхона, хонадонларда  дастурхонга  қўйилса, картошка эса қовурилиб, ўсимлик мойи ва мол ёғида тайёрланган фри пюре,  чипс, картошка таёқчаси, кукунлаштирилган, чала пиширилган ва хом клецка, салатлар  учун  тайёр  ҳом  ашё  ҳисобланади.

     Энг муҳими, картошкага помидорни пайвандлаш ўзбек деҳқонларини бефарқ қолдираётгани йўқ. Агар фермерлар ҳам янгиликни тадбиқ этишса, хўжалик иқтисоди баққувват бўлиб, ўз фаолиятларини янада кенгайтириш, бошқа тармоқларнинг ҳам ривожланишига ҳисса қўша олади.  Ўзи яшаётган жойдаги  аҳолини, меҳнатга иштиёқи баланд ёшларни фойдали меҳнатга жалб этса бўлади. Шунингдек, томорқа эгаси ҳам мўмай даромад топади.  Янгилик тадбиқ этилиши натижасида ҳосилдорлик  ошади. Аҳоли ва қайта ишловчи  корхоналарга сифатли маҳсулотлар етказиб берилади. Ҳатто қўшни давлатларга  ҳам  помидор  ва  картошка  экспорт қилиш мумкин.   

    Хуллас, суҳбатдошларимнинг гаплари менинг учқур ҳаёлларимни олис-олисларга олиб қочганини яширмоқчи эмасман. Олимларнинг фикрига кўра, сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишда пайвандлашнинг ушбу янги усулини қўллаш истиқболли ҳисобланади.  Бунга эса олим ва деҳқон ҳамкорлиги, ҳамжиҳатлиги орқали эришиш мумкин.  Эътиборлиси, мамлакатимизда амалга оширилаётган  изчил ислоҳотлар самарасида соҳада муваффақиятларга эришиш имкони яратилаяпти.