СУҒОРИШНИНГ ТЕЖАМКОР УСУЛЛАРИ

Бугунги кунга келиб, серқуёш Ўзбекистонимизда қишлоқ хўжалигини янада юксалтириш, замонавий технологиялар ёрдамида мукаммаллаштириш, аҳолини озиқ-овқат ва  соҳада етиштириладиган бошқа маҳсулотларга бўлган талабини қондириш мақсадида ўзига хос аграр сиёсат амалга оширилмоқда.    Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш мақсадида  халқчил фармонлар, қарорлар ва дастурлар қабул қилиниб,  ижроси таъминланпаяпти. Натижада, ҳар бир тармоқ  босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Жумладан, ўлкамиз шароитида етарли ёруғлик ва иссиқлик таъсирида, шунингдек, ресурс тежамкор технологиялардан фойдаланиб,  сабзавот экинларидан юқори ҳосил етиштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган. Сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, экинларни суғоришда илғор усулларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тўғри, юртимизда кўп йиллар давомида деҳқончилик қилишда экинлар асосан ариқлар орқали эгатлаб суғорилиб келинган. Аммо, ҳозирги пайтда сув ресурсларининг камайиб бориши, экологик табиат ўзгаришлари оқар сувни тежаб ишлатишни тақазо қилмоқда. Бундан ташқари, тупроқнинг ювилиши, эрозияланиши оқибатида  оқова сувлар билан гумус ва эриган органик ҳамда минерал қатлам ҳам ювилиб кетади. Натижада тупроқнинг унумдорлиги пасаяди. Мутахассисларнинг таъкилашича, суғорилган майдонлардаги ўсимликлар 70 фоиз сувдан фақатгина 30-40 фоизини ўзида сақлаб қолади. Қолган 25-30 фоиз сув буғ ҳолатда ҳавога ва ер ости сувларига қўшилиб кетади. Масалан, сабзавотларни етиштиришда ерни камида 6-8 маротаба, баъзан 10-12 маротаба суғориш талаб этилади. Шу билан бирга эгатлаб суғориш усулида ўсимликлар солинган минерал ўғитларнинг фақатгина 41 фоиз азотли, 12 фоиз фосфорли, 44 фоиз калийли ўғитларни  ўзлаштира олади. Қолган қисми эса оқова сувлар билан чиқиб кетади. Ёки эримайдиган органик бирикмалар ҳолатига ўтади. Демак, энди одатий усулдан кўра,  бир қанча афзалликларга  эга бўлган суғоришнинг  тежамкор  технологияларини  қўллашга ўтиш  зарурлигини  бугунги  кун  талаб  қилиб  турибди.  Шу боис ҳам  аграр соҳа фидойилари томонидан  бир неча йиллардан бери  томчилатиб, ёмғирлатиб, эгатга плёнка тўшаб, кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш каби  усуллар жорий этилмоқда. Масалан, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг махсус сув тежамкорлигини синаш учун қурилган тажриба майдонида тежамкор усуллар синаб кўрилганда яхши натижа бериши исботланди. Суғориш усуллари карам зиротида олиб борилди. Томчилатиб суғориш усулида донадорлик 50,4 фоиз ва микроагрегатлар миқдори 85, макроагрегатлар миқдори эса 19 фоизни ташкил қилди. Энг яхши кўрсатгич ер остидан суғориш усулида бўлиб, донодорлик 50,5 фоизни ташкил қилди. Олиб борилган тажрибаларда, бундай суғориш усуллари ҳар бир ўсимликка турлича таъсир кўрсатиши аниқланди. Карам сабзавотида энг юқори ҳосилдорлик ёмғирлатиб суғориш усулида кузатилди. Тежалган сув миқдори бўйича энг яхши усул томчилатиб суғориш бўлиб, сув тежамкорлиги 49-52 фоизни ташкил қилди. Ёмғирлатиб суғориш чоғида 34-44 фоиз ва ер остидан суғориш усулида 30-35 фоиз сув тежамкорлигига эришилди. Тежамкор  суғориш усуллари қўлланганида карам гуркираб ўсишидан ташқари, ҳосилдорликнинг мўлжалдагидан кўра салмоғи ошгани сезилди. Энг муҳими, тупроқнинг физикавий-агрокимёвий хусусиятлари яхшиланди. Шунингдек, 50 фоиз минерал ўғитларининг тежалишига, тупроқда бир хил оптимал 70-85 фоиз намлик ва оптимал озиқланиш  режимини  таъминлаш  имкониятини  берди.

      Тежамкор суғориш усулларини қўллаш  муҳим аҳамиятга эга   эканлигини  «Сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда юқори самарали комплекс техник воситаларни ва сувни тежаш технологияларини ишлаб чикиш» лойиҳаси доирасидаги  илмий  изланишлар натижасида ҳам кўриш мумкин. Мазкур лойиҳага масъул Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Фарход Ғаниев ҳисобланади.  Тадқиқотлар очиқ майдонда ўтказилаяпти. Жараён бошланишида экинларнинг қатор ораларига томчилатиб суғориш жиҳозлари ўрнатилди. Сўнгра, 12-15 микронли эни 50 сантиметрли қора полиэтилен плёнкаси мулча қилинди ва тешилиб сабзавот, полиз экинлари экилиб, етиштиришга киришилди. Кузатишлардан маълум бўлдики, экин майдонининг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларнинг  униб чиқиши ва ўсиб ривожланиши тўхтади. Тупроқнинг  юмшоқ ва нам ҳолда сақланишига эришилди. Тадқиқотчи олимнинг таъкидлашича, бу парваришлаш усули қўлланилганда ўсимликларнинг илдиз қисми бақувват бўлиб ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ катламигача ўсиб бориши таъминланади.

(Помидорни етиштиришда эгатларни қора плёнка орқали мулчалаб ва бир йўла томчилатиб суғориш технологияси)
(Тарвузни етиштиришда эгатларни қора плёнка орқали мулчалаб ва бир йўла томчилатиб суғориш технологияси)

    Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Фарход Ғаниев бу борадаги илмий изланишларини давом эттирмоқда. Унинг фикрига кўра, сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда эгатларни қора плёнка орқали мульчалаб ва бир йўла томчилатиб суғориш жараёнлари қўлланилганда сув сарфи оддий суғориш усулига нисбатан 35- 45 фоизгача тежалади  ҳамда  ҳосилдорликни  20-30  фоизга  ошириш  имконини беради.

   Айтиш мумкинки, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида суғоришнинг замонавий усулларини тадбиқ этилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда. Мутахассисларнинг  таъкидлашича, бизнинг табиий шароитимизда суғоришнинг янги, замонавий, тежамкор усулларини жорий этиш учун диёримизнинг  ҳар  бир  ҳудуди  эътиборга  олиниши  зарур.  Бир гектар экин майдонини суғориш учун сарфланадиган сув ҳажми тупроқнинг механик таркиби ва сизот  сувлари сатҳига қараб белгиланади. Тадқиқотлар натижаларидан келиб чиқиб, сув сарфини бир хил тақсимлаш ва экинларнинг турига  қараб суғориш тавсия этилмоқда.

    Томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги яъни сув ресурслари  чекланганлик  шароитида  кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради. Ушбу технологиянинг афзаллик жиҳати шундаки,  экинга сув ва озиқ моддалар унинг эҳтиёжига мос равишда кам миқдорда тез-тез берилади. Томчилатиб суғориш қўлланилганда  дала тупроғи қотмайди, қатор ораларига техника билан ишлов беришга ҳам зарурият қолмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида сифатли ва осон ҳайдалади. Яна бир эътиборли жиҳати, меҳнат ва ёнилғи-мойлаш материаллари, сув тежалади. Натижада, ҳосилдорлик сабзавот пайкалларида 60 фоизгача ортади. Томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини англаб етган деҳқону-фермерларда тежамкор технологияларга қизиқиш анча ошди. Натижада бу усул тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғларда, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилаяпти. Эътиборлиси, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бормоқда. Бу мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.

                                                                             Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати