ХАНДАЛАК ҚАТОРИДА ҚОВУН ҲАМ ПИШДИ

        Кейинги йилларда республикамиз  қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга  оширилаётган  изчил  ислоҳотлар  ўзининг  самарасини  бермоқда. Юртимизда полиз экинларини  ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти, ташқи бозорнинг маҳсулот тури ва етказиб бериш муддатларига бўлган талаблари асосида жойлаштирилаяпти. Шунингдек, экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Бу ўз ўрнида озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини бартараф этишда ҳам муҳим ўрин тутади. Халқимиз томонидан яратилган ва шу кунгача сақланиб келинган қовун навларини келажак авлодга тўлиқ қолдириш, генофондини сақлаш хамда давр талаби бўлган экспортга мос навларни танлаб олиш, улар асосида селекция учун дастлабки манбалар ажратиш олимларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтида 350 дан ортиқ маҳаллий қовун нав намуналари коллекцияси сақланаяпти. Бундай катта миқдордаги  коллекция  намуналари  уруғлари узоқ йиллар экилмаса, ўз-ўзидан уларнинг унувчанлиги пасаяди. Шунинг учун унинг  генофондини сақлаш хамда давр талаби бўлган экспортга мос навларни танлаб олиш, улар асосида селекция учун дастлабки манбалар ажратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аграр соҳа фидойилари  томонидан полиз экинларининг янги, истиқболли, барқарор шакллари ва навларини танлаш ҳамда кўпайтириш йўли  орқали  мавжуд  маҳаллий  навларни  яхшилашга эришилмоқда.

Янги-янги лойиҳаларга қўл урилаётгани туфайли салкам бир қулоч келадиган тилими тилни ёрадиган ёки хандалакдек  бўлса-да, асал таъмини берадиган қовунлар  қаторига  янги-янги навлари қўшилаяпти. Натижада, қовун ва тарвузнинг бир нечта янги навлари давлат реестрига киритилди. Муваффақият омилларидан бири  шуки, мамлакатимизда қадимдан ўзига хос қовунчилик мактаби шаклланган. Қовун истеъмолда янгилигича ва саноатда қайта ишлаш учун хом-ашё сифатида фойдаланиб келинади. Қовун одатда, полиз экинлари ичида энг кўп миқдорда қанд моддасини сақлайди, айрим қаттиқ этли ёзги қовунларда 18 фоизгача қанд моддаси бўлади. Қовун уруғи таркибида 25-30 фоиз мой сақланади. Бир гектар ердан ўртача 22 тонна қовун ҳосили олинганда, мой чиқиши  гектарига  90-100  килограммга  боради. Қовундан ҳам шинни ҳам қовун қоқи тайёрланади. Қовун-тарвузларимиз дунёнинг чекка — чекка ўлкаларида ҳам машҳур. Масалан, Сирдарё , Жиззах вилоятларида етиштириладиган  қовуннинг Оқ уруғ навини хорижликлар Осиё тарпедоси дейишади. Тарвуз ҳам ўзининг шифобахшлик хусусиятлари билан ажралиб туради. Айниқса, камқонлик, жигар, буйрак,  юрак қон томир  касалликларига йўлиқиб, қийналиб юрган  беморлар учун жуда фойдали. Яна инсоннинг кўриш ва ақлий қобилиятни яхшилайди.Талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, қовуннинг Олтин водий,  Гурлан,  Амударё,  Гулоби, Зар гулоби, Саховат, Дилхуш, Кичкинтой тарвузнинг  Дилноз,  Манзур,  Сурхон тонги,  Шарқ неъмати, Чиллаки  навлари  яратилиб, экишга тавсия этилди. Бундан ташқари, узоқ масофага ташишга мос, қиш фаслида ҳам сақласа бўладиган ёки эртапишар нав намуналари  селекция  йўли билан ажратиб олинаяпти. Жумладан, Республикамизнинг турли вохаларида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, Фарғона водийсида  49 та,  Зарафшон бўйича 109 та, Хоразм воҳаси бўйича  125 хилдаги навлар  қайта тикланди. Якка танлов  йўли билан  уруғлари тайёрланди.   

     Президентимиз 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида Хоразм қовунлари брентини яратиш таклифини берган эди.  Бунга жавобан институт  олимлари  иссиқхона микроиқлим шароитида ўсиб, сифатли  ҳосил берадиган навларни ажратиб олишга киришишди. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Умидилла Акромовнинг таъкидлашича, шу пайтгача олимлар  яратган  қовун-тарвуз навлари асосан очиқ майдонлар учун эди. Тўғри, уларнинг саноғи беҳисоб. Аммо бугун  уларни экспортбоплигини ошириш талаб қилинаяпти. Ахир, қовун-тарвузларнинг хорижий бозорга етказиб бериш кўрсатгичи паст  бўлиши ўзбек деҳқонига ярашмайди.  Шу билан бирга  олимларимиз  иссиқхоналарда қовун-тарвуз етиштириш учун янги навлар яратиш борасида тадқиқотлар ўтказиб келишмоқда. Иситилмайдиган  иссиқхонада етиштириш мақсадида маҳаллий ва  хорижий селекция нав ва дурагайларидан 40 дан ортиқ қовун ва 20 дан ортиқ  тарвуз навлари ажратиб олинди. Тажриба даласида тадқиқот ўтказишга киришилди. Иссиқхонада ер тайёрлангач, эрта ҳосил олиш мақсадида февраль ойи бошида уруғ экилди. Март ойида эса кўчатлар  кўчириб ўтказилди. Намлик юқори бўлиб, ўсимликларда касалликлар кўпайиб кетишининг олди олинди. Қовун ва тарвуз бошқа сабзавот экинларига нисбатан иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади. Айниқса, полиз экинлари   ҳосил тугиш даврида юқори харорат керак бўлади.  Бу муаммони бартараф этиш учун олимлар янги  технологияни жорий қилишди. Кўчат  экилгач плёнка билан беркитиш усули қўлланилди. Бундан ташқари, махсус матолардан фойдаланилди. У иссиқликни ташқарига чиқариб  юбормайди. Матолар  фақат белгиланган вақтда очилади. Натижада  15-18 даража ҳарорат таъминлаб бериш  имконияти  яратилди. Иссиқхонадаги ҳандалакдек келадиган қовунлар қаторидаги тарвузларни бандидан узилиб кетмаслиги учун сеткага солиб осиб қўйилди. Эътиборлиси, баъзи фермер хўжаликлари  даласида ёки  томорқа хўжаликларидаги пайкалларда полиз экинлари эндигина палак ёзган пайтда, иситилмайдиган иссиқхонада қовун-тарвуз пишди.

Икки йиллик изланишлар зое кетмади. Янгиликка  ўч халқимиз эҳтиёжини қондиришни ўйлаган аграр соҳа фидойилари кўпчилик  интиқ бўлиб  кутган  натижани  қўлга  киритишга муваффақ бўлишди. Бу янгилик   тадбиқ этилса,   кейинги йилларда ҳандалак  хиди атрофга таралиб, завқ улашадиган  маҳалда  қовун  ёки  тарвуз  истеъмол қилиш мумкин бўлади.  Чунки, пишиқчилик мавсумидан икки  ой илгари ҳосил  олиш мумкинлиги исботланди. Аммо, тадқиқотлар  ҳали яна давом эттиррилади. 3 йиллик тажриба самараси  таҳлил қилинади. Иссиқхонада етиштирса бўладиган маҳаллий қовун-тарвуз навларининг бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилади.

Селекция жараёни узоқ муддатли бўлгани учун уни тезлаштириш мақсадида дурагайлаш усули қўлланилади. Муҳими республикамиз деҳқону-фермер, томорқа эгаларини экспортбоп, юқори  авлодли   қовун-тарвуз уруғлари  билан  таъминлаш  имконияти бор. Аниқ мақсад йўлида олиб борилаётган  саъй-ҳаракатлар туфайли йилдан-йилга бозорларимизда қовун-тарвузлар сероб бўлади. Бу эса деҳқоннинг меҳнатига яраша рағбат кўришига, қишлоқ хўжалиги  соҳаси  бундан-да  ривож топишига  хизмат қилади.                                                       

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати