Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институти директорининг муовини Шарофиддин Махамадаминовнинг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “O’zbekiston” радиоканали, “Ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий эшиттиришлар” муҳарририяти томонидан ҳавола этилган “ШУ КУННИНГ МАВЗУСИ ” эшиттиришига берган интервьюси

Халқимизнинг  дастурхонини тўкин қиладиган  бу қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳисобланади. Мамлакатимизда  ҳар йилнинг иккинчи якшанбаси  қишлоқ хўжалиги ходимлари  куни  деб белгиланган. Бу аграр соҳада меҳнат қилаётган  инсонларга берилган  жуда катта  эътибордир. Илгари  бошқа соҳа  вакилларининг  байрами бўларди-ю,  қишлоқ  хўжалиги ходимлари куни  белгиланмаган эди. Президентимизнинг  бир  нечта  фармон ва қарорлари  ҳаётга тадбиқ этилиб, қишлоқ хўжалигида  мутлақо янги иқтисодий муносабатларга  ўтилди.  Тўғри,  ҳар  бир соҳада  ўзига яраша  қийинчилик, машаққат бўлганидек,  қишлоқ хўжалигида ҳам ўзига яраша  заҳматли  онлар  кўп. Аммо энг муҳими , булар  қишлоқ хўжалиги ходими учун янгилик эмас.  Масалан, 2020 йил пандемия туфайли кўп жойларда ишлар тўхтади. Шароит  шуни тақазо қилди,  масофа сақлаш, касалликни тарқалишини олдини олиш керак  эди,  лекин  қишлоқ хўжалигини  бир кун ҳам тўхтата олмадик, бунинг иложи ҳам йўқ эди. Ахир, инсон саломатлиги  учун энг зурур  маҳсулотларни  одамлар  уйида ўтириб, карантинда ўзини яккалаш бўлган тақдирда ҳам  истеъмол қилиши керак-ку…Бундан ташқари, дала шароитида  меҳнат қилаётган деҳқонларимиз парваришлаётган   экинларни  ҳар куни , керак бўлса ҳар соатда, ўз муддатида   агротехник  тадбирларини  ўтказиш ниҳоятда муҳим эди. Чунки, ўсимликлар ҳам тирик жон.  Пандемия шароитида уларни суғормасдан ёки минерал ўғит бермасдан туришнинг ҳечам  иложи  йўқ.  Айтайлик, 2020 йил бироз сув танқислиги сезилди. Бироқ, деҳқонларимиз бир кун ҳам жим  туришмади, имкон қидиришди,  томчилатиб  ёки ёмғирлатиб суғориш усулларини қўллашга ҳаракат қилишди. Эътиборлиси, соҳада дуч келинган  қийинчилик янги лойиҳага   қўл уришга туртки  бўлди. Кўз олдингизга келтиринг, ариқларда сув тўлиб оқиб турибди,  шундай  пайтда томчилатиб суғоришнинг бизга нима кераги бор, деб бўладими?  Сув  танқислиги каби  муаммолар хақида  ташвишлангандан  кўра,  унинг яхши  тарафини  ўйлаш  яхши  натижа беради. Сабаби, бутун дунёда сув танқислиги кузатилаяпти. Олимлар томонидан   бу  кўп маротаба таъкидлаб борилаяпти. Сувни исроф қилманглар, йилдан- йилга камайиб боради, деб оғзаки  гапирилганда  баъзилар тўғри қабул қилмайди,  аммо, экинларни суғоришда  муаммо бўлиб,  ўша  одам буни ўз кўзи билан кўрса таъсири бошқача бўлади. Менимча ундан кейин тушуниб ўша юртдошимиз ҳам  сувни исроф бўлишини олдини олишга ҳаракат қилади.  Яна шуни ҳам таъкидлаш жоиз: муаммо орқасидан бир янгиликка қўл урилиши мумкин. Бунда  илмга суянилади,  олимлар ўйлаб кўришига, изланишига тўғри келади.

    Ўзимни мутахассислигим сабзавот экинлари  уруғчилиги йўналишига келсак,  одамлардан  жуда кўп саволлар тушади. Масалан,  чет эл уруғлари кириб  келишини кимдир ёқлайди, кимдир эътироз билдиради. Лекин, бизда чет эл уруғлари кириб келиши бошланганига анча бўлди. Бу ҳаёт,  бозор иқтисодиёти шароити,  ҳар бир соҳа эгаси  маҳсулотини реклама қилиб  даромад  олишни  ўйлайди.  Буни тўғри қабул қилиш керак. Чет эл уруғлари  кириб  келганида унинг  яхши ва ёмон томонлари  тўғрисида  гапирган  ҳам, жимгина кузатганлар ҳам бўлди. Ҳамма ўз фикрини айтмади, хориждан уруғ келтириш шартми, деган  саволга жавоб берилмади. Баъзи деҳқонлар  яхши экан, зўр нав топилди, деб экишни бошлашди.  Етиштирган маҳсулотини бозорларга чиқаришди. Ҳатто  экспорт ҳам қилинди. Гўё  ҳаммаси яхши кетаётгандек эди, бугунги кунга келиб эса савол кетидан савол туғилаяпти. Муаммо шуки,  бу навлар  вақти келиб бизни маҳаллий уруғларни сиқиб чиқаришини айрим деҳқонлар  ўйламади. Энди  баъзи аграр соҳа фидойилари  маҳаллий уруғлар йўқолиб кетишидан хавотирда. Чет элга қарам бўлиб қолишимиз мумкинлигидан чўчишмоқда.  Чунки хорижликлар бир йил ёки икки йил  ҳосил берадиган навларни  айрим деҳқонларга ўтказди. Аммо  на уни уруғини олиб бўлади, на кўпайтиришнинг  иложи бор. Бу атайин шундай қилинган. Хорижликлар ўз мақсадига етишди ва фойда ҳам кўра бошлади. Куйган эса бизнинг деҳқонлар бўлди.   Ўша пайтда  чет эл уруғлари зўр экан деб, олиб экишаверишди энди мана кўпчилик гап қаерда эканини   тушуниб етди.  Юртдошларимиз  сабзавот, полиз, картошканинг   маҳаллий навларини сўрашмоқда. Масалан,  помидорнинг Юсупов  номи берилган  маҳаллий нави  йирик, ширин, ҳосилдорлиги ҳам юқори эди. Афсуски, йўқолиб кетиш арафасига келиб қолганда деҳқонлар қидириб қолишди.  Бунинг ҳам яхши тарафи бор. Мана  энди  ўша навларни қайта тиклашга  ҳаракат  янада кучайди.  Одамлар биздан сўраши мумкин,  сизлар нима қилдинглар, шу ҳолатга  келгунча,  деб.  Биз ҳам қўлдан келгунча , имкон даражасида ҳаракат қилдик. Аммо ҳар доим ҳам   натижа биз кутгандек бўлавермас экан. Энди помидор тўғрисида сўз юритадиган бўлсак,  дунёда энг кўп экиладиган сабзавот сирасида  киради.Унинг  юзлаб навлари бор.  Ҳозирги кунда айрим давлатларда  унинг дурагайлари  бор,  бир марта экилади, халос.  Иккинчи марта экиш имконияти йўқ.  Сабаби улар уруғчилик тизимини  шунга тўғрилаб, такомиллаштириб олишган. Энди чет эл олимлари билан  бизни олимларимизни солиштирсак  дунёқараши,  фикр юритиши  ёки мутаххассислигида   жуда катта фарқ  йўқ. Фақат  имконият,  шароит  бизда  уларга нисбатан оддийроқ.  Битта мисол:  лаборатория  шароитини оладиган бўлсак, уруғчилиги йўналишида шу пайтгача  1970-1980  йиллар технологиясидан фойдаланиб келаётгандик. Энди институтимиз ҳам замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланадиган бўлди.  Уруғчилик, селекция масаласида баҳс-мунозаралар жуда кўп бўлади. Айтайлик, уруғчилик бўйича  ҳамманинг ўз фикри бор. Жумладан, мен ҳам ўз таклифимни билдиришим мумкин. Қишлоқ хўжалиги экинлари, айниқса, сабзавотчилик  йўналишини  оладиган бўлсак ,  жуда кўп экин тури бор. Уларнинг  уруғчилиги  билан  шуғулланиши учун кўпчилик  баробар ишламаса жуда қийин масала. Сабаби жараёнлар  бир бирига узвий боғлиқ. Масалан, иссиқхона эгалари ўз эҳтиёж, талабини айтиб, помидорни  селекция ва уруғчилиги йўналишида  бир олимга маблағ ажратиб,  унга  шароит қилиб берса, айни муддао бўларди. Тўғри,  олим  бир икки йилда бунинг уддасидан  чиқа олмайди. Буни тўғри қабул қилиш керак. Маблағ ажратиб  сабр билан кутиш талаб қилинади. Энг камида беш йил ёки саккиз йил вақт ўтади, ўшанда  янгилик яратилиши мумкин. Селекция жараёнидаги янгиликни кейин уруғчиликка ўтказиш мумкин. Ёшларни кўпроқ жалб қилинса яна ҳам яхши. Уларнинг кўпида қизиқиш бор. Фақат шароит қилиб бериш керак.  Мана шунда яхши натижаларга эришамиз. Кўпинча бизга савол беришади, бир икки йилда чиқарса бўлмайдими, деб.   Йўқ, селекция жараёнида бир икки йилда муваффақиятга эришиш қийин.    Сабр билан қилинадиган иш, матонат керак, агар  селекция ишини бошлаб 2-3 йил ишлаб кейин ташлаб кетилса 3 йиллик меҳнат йўқ бўлиб кетади. Кейин яна бошидан бошлашга тўғри келади. Энг муҳими, хозир анча  шароитлар яхши бўлиб қолди. Имкониятлар яратиб берилди.  Ёшлар  институтимизда ҳам  кўпайиб қолди, уларнинг илмга қизиқувчанлиги ошганини сезиш мумкин. Бундан кейин яна яхши тарафларга ўзгаришлар бўлади ,чунки кўриб турибмиз. Ёшларни илмга интилишининг яна бир   сабаби, қишлоқ хўжалигига эътибор кучайди. Тўғрисини айтиш керак,  ойлик маошлар  ошириб борилаяпти. Бундан ташқари, инстттутимизга янги лаборатория жиҳозлари олиб келиш  лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мен ўйлайманки, буларнинг барчаси   яхши натижа беришига қаратилгани билан аҳамиятлидир. 2021 йил пандемиядан холи, барча-барчамизнинг кўнглимиздаги хайрли мақсадлармизни рўёбга чиқишига омил бўладиган, ҳаёт зарвароқларида  ўчмас из қолдириб, зарҳал ҳарфлар билан тарихга ёзиладиган файзли, эсда қоларли йил  бўлиб,  ҳар биримизнинг қалбимиз тўридан  жой олсин.